Аввал хабар қилганимиздек, Бухоро вилоят суди биносида 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳрида содир этилган оммавий тартибсизликлар бўйича 22 нафар судланувчига оид жиноят ишини кўриб чиқиш давом этмоқда.
Хусусан, суд тергови давомида сўроқ қилинган судланувчи Н. Найыпов ўз кўрсатмаларида айбига тўлиқ иқрорлигини, муқаддам ички ишлар тизимида ишлаб, нафақага чиқа олмаганлигини, агар Д. Тажимуратовни қўллаб-қувватласа унинг нафақага чиқишига ёрдам беришига умид қилганлигини, яқинда 55 ёшга киришини, 4 нафар фарзанди ва 5 нафар набираси борлигини, улар “отам қачон келади” деб уйда “кўзи тўрт бўлиб” кутиб ўтирганлигини, адашганлигини, Д. Тажимуратовга ишониб қолганлигини айтиб, чин кўнгилдан пушаймонлигини маълум қилди.
Шунингдек судланувчи А. Темирханов ҳам халқдан кечирим сўраб, халқ тинчлиги бузилишига Тажимуратов ва Каллыхановалар сабабчилигини, шуларга эргашиб жиноят содир қилганлигини, ўзи 15 йилдан бери “Устюртгеофизика” корхонасида ишлаб келаётганлигини, яқинда ўз уй-жойга эга бўлиб, оиласи билан кўчиб ўтганлигини, адашганлигини, пушаймонлигини ва айбига тўлиқ иқрорлигини билдирди.
Эслатиб ўтамиз, сал аввал уларнинг ҳар бирига қандай айблов қўйилаётгани маълум қилинди. Шунингдек, Нукус воқеаларида айбланаётганлар орасида ИИБ мулозими ҳам борлиги маълум бўлди.