1

2023 йилда БМТ Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси Самарқандда ўтказилади

ЖАМИЯТ 01.12.2022, 13:10
2023 йилда БМТ Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси Самарқандда ўтказилади

Бу ҳақда айни кунларда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтаётган “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркасида Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов маълум қилди. 

"Фахр билан таъкидлашимиз мумкинки, Ўзбекистон бугун бутун дунё диққат марказида. Яқиндагина Самарқандда Шанхай Ҳамкорлик Ташкилотининг саммити ва Туркий Давлатлар Ташкилотининг  IX саммити каби йирик халқаро даражадаги тадбирлар бўлиб ўтди. 

2023 йилнинг куз фаслида эса UNWTO тарихида биринчи марта БМТ Бутунжаҳон Туризм Ташкилоти Бош ассамблеясининг 25-сессияси бўлиб ўтиши кутилмоқда. Ўтган йили Испанияда бўлиб ўтган 24-сессия доирасида UNWTOга аъзо давлатлар туризм идоралари раҳбарлари орасида ўтказилган овозга қўйиш жараёнида Ўзбекистон Португалияни ортда қолдириб, ушбу тадбирнинг юбилей маросимини Самарқанд шаҳрида ўтказишга қарор қилинди. 

UNWTO Бош ассамблеяси юбилей сессиясининг қадимий ва навқирон Самарқандда ўтказилиши мингдан зиёд хорижий меҳмонларни жалб қилини табиий, бу эса маҳаллий халқ ва ҳунармандларнинг даромадини ошириш баробарида миллий иқтисодиётимиз ривожига ижобий таъсир кўрсатади. 

Бундан ташқари, юксак даражадаги ушбу тадбирнинг ўтказилиши бутун жаҳон оммавий ахборот воситалари эътиборини Ўзбекистонга қаратади. Бу эса мамлакатимиз туризм салоҳиятини янада кенг тарғиб қилиш ҳамда Ўзбекистонга келувчи сайёҳлар оқимини ошириш имконини бериши шубҳасиз. 

Диққатга сазовор ютуқларимиздан яна бири шуки, Қўқон - 2022 йил туркий дунё туризм пойтахти, Самарқанд – 2023 йилги жаҳон туризм пойтахти ва Хива – 2024 йил ислом олами туризм пойтахти дея эълон қилинган ва бу Ўзбекистонда яшовчи ҳар бир фуқарога ғурур бағишлайди. 

Буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти томонидан тобора кўпроқ тан олинаётгани ва Буюк Ипак Йўлида ўз мавқеини мустаҳкамлаб бораётганидан далолат беради", - деди Абдуҳакимов.

Маълумот учун: “Ўзэкспомарказ” павилонларида “Ипак йўлида туризм” 27-Тошкент халқаро туризм ярмаркаси 2 декабрга қадар давом этади. 

 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1