Қандай турдаги автотранспорт воситаларига автобуслар йўлакчасида ҳаракатланишга рухсат этилади? Мазкур саволга ИИВ Жамоат хавфсизлиги депертаменти йўл-ҳаракат хавфсизлиги бошқарма бошлиғи Фазлиддин Тошкенбоев жавоб берди.
Маълум қилинишича, пойтахтда автобуслар учун чизилаётган йўлакчалар жамоат транспортларининг тирбандликда қолмаслиги учун зарур.
Ушбу йўлакчаларда автобуслардан ташқари фақатгина тез ёрдам, ёнғин хавфсизлиги ва ИИВ автомобиллари ҳаракатланиши мумкин.
Қолган автотранспорт воситаларига эса ҳаракатланиш тақиқланади ва бу тегишли жавобгарликка сабаб бўлади. Аммо ҳар қандай автомобилга маълум сабабга кўра, масалан, йўл ёқасидаги объектларга ёки кўчага кириш учун ушбу йўлакда фойдаланишга рухсат этилади.
Бунинг учун йўлакчаларда узиқ чизиқлар мавжуд бўлиб, тахминан 40-50 метр масофа белгиланади. Кўча ёки объект бошланган жойда ушбу узиқ чизиқларнинг таъсир доираси тугайди ва автомобиллар автобуслар учун мўлжалланган йўлакчани бўшатиб қўйишлари талаб этилади.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб 475 кмга яқин 34та алоҳида автобус йўлакларини ташкил этиш режалаштирилган. Яқин бир ҳафта ичида асосий — Алишер Навоий, Беруний, Амир Темур ва Фарғона йўли кўчалари бўйлаб йўлакчалар ташкил этилади. Қолган кўчаларда эса 1-2 ой ичида тўлиқ ташкил этилади.






