Ғарбнинг исломлашувига қарши "PEGIDA" ҳаракати етакчиси Эдвин Вагенсвелд Гаагадаги Нидерландия Вакиллар палатаси олдида Қуръонни омма олдида йиртиб, ёқиб юборди. Бу ҳақда ADR News хабар берган.
“Vesti.az”нинг “Gazeta.ru”га таяниб хабар беришича, акция январда Стокголмдаги Туркия элчихонаси олдида мусулмонларнинг муқаддас китоби омма олдида ёқиб юборилганидан сўнг жамоатчилик томонидан танқид қилинган даниялик сиёсатчи Расмус Палуданни қўллаб-қувватлашга қаратилган.
Қайд этилишича, сиёсатчининг хатти-ҳаракати нафақат Туркия, балки Россия етакчиларининг ҳам салбий муносабатига сабаб бўлган.
Интернетда тарқалган видеода Вагенсвелд Қуръоннинг бир нусхасини оёқлари билан топтаб, иккинчисининг варақларини қўли билан йиртиб ташлади, сўнг ёқиб юборди. Манбага кўра, бу сафар ҳам полиция “исломлаштириш”га қарши олдинги ҳаракатлардан фарқли ўлароқ, эркакни ҳибсга олмаган.