1

Ўзбекистон махсус борти жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Газиянтепга етиб борди

ЖАМИЯТ 09.02.2023, 11:38
Ўзбекистон махсус борти жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Газиянтепга етиб борди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан мамлакатимиз махсус борти ҳалокатли зилзилалар натижасида жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш мақсадида Газиянтеп шаҳрига (Туркия) етиб келди. Бу ҳақда ТИВ хабар бермоқда. 

Бортда умумий сони 71 кишидан иборат қўшимча қидирув-қутқарув ва тиббиёт ходимлари гуруҳи билан бир қаторда, навбатдаги гуманитар ёрдам партияси ҳам етказилди.

Жабрланганларга ёрдам бериш мақсадида Мудофаа вазирлиги тиббий отрядининг 50 нафар ходими хизмат қиладиган бир гектар майдонга тўққизта алоҳида бўлинмадан иборат кўчма шифохона мажмуасини жойлаштириш режалаштирилган. Ушбу дала шифохонаси барча зарур тиббий асбоб-ускуналар ва дори-дармонлар билан тўлиқ таъминланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, Шавкат Мирзиёев топшириғига асосан қардош Туркия давлатига инсонпарварлик ёрдами ва зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида, 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ҳамда 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилган эди. Улар Ҳатай вилоятининг Овакент қишлоғида қидирув-қутқарув ишларини олиб бормоқда. Бу ҳудудда асосан 10 мингдан ортиқ этник ўзбеклар истиқомат қилади. 

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1