Ижтимоий тармоқларда Тошкентдаги янги қурилган кўп қаватли уйнинг деворлари ёрилиб кетгани акс этган видео тарқалди.
Қурилиш вазирлиги ҳолат юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижасини маълум қилди.
Унга кўра, ушбу уй 2017 йилда фуқаро Б.Зокиров томонидан ўзи ва оила аъзоларининг яшаши учун якка тартибдаги уй-жой сифатида қурилган ва фуқароларга алоҳида квартира сифатида ўзбошимчалик билан реконструкция қилинган ҳолда сотилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг 2020 йил 17 декабрдаги экспертизанинг хулосасида, ушбу уйлар талабларга жавоб бермаслиги ҳамда сейсмик зонада қурилиш ўтказиш талабларига жавоб бермаслиги аниқланиб, мазкур уй ҳозирги кунда авария ҳолатида эканлиги аниқланган.
Таъкидланишича, Б.Зокиров ўз манфатларини кўзлаган ҳолда фуқароларни ишончига кириб, якка тартибда фойдаланиш мақсадида қурилган турар жой биносини кўп квартирали уй-жой сифатида алдов йўли билан фуқароларга сотганлиги сабабли 2022 йил 14 майда ЖКнинг 186-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 168-модда 4-қисми “а” банди ва 229-моддалари билан айблов эълон қилинган.
Б.З. ва унинг шерикларига нисбатан “қамоққа олиш тарзидаги” эҳтиёт чораси қўлланилган ва жиноят иши бўйича айблов хулосаси тасдиқланиб, 2022 йил 18 майда ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судига юборилган.
Суднинг 2022 йил 1 июлдаги ҳукмига кўра, “ҚУЮН” МЧЖ раҳбари Б. Зокировга 186-моддаси 4-қисми “а”, “б” бандлари, 168-модда 4-қисми “а” банди ва 229-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, 8 йил-у, 2 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Вазирлик баёнотига кўра, ҳозирги кунда фуқароларга етказилган зарарни қоплаш мақсадида суд органи томонидан компенсация пулини ундириш учун суд жараёнлари давом этмоқда.
Таъкидланишича, ушбу бино кўп квартирали уй-жой сифатида қурилиш меъёр ва талаблари асосида қурилмаган.
Ҳозирда ушбу бино ваколатли лойиҳа институтлари томонидан ўрганилмоқда. Натижалар ҳақида қўшимча ахборот тақдим қилинади, - дейилади вазирлик муносабатида.
Эслатиб ўтамиз, 8 феврал куни президент иштирокидаги йиғилишда Тошкент шаҳрида бош режа бўлмагунча янги қурилишларга мораторий эълон қилинган эди.






