АсосийJamiyat

36 турдаги товарлар божхона божидан озод этилди: 1200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг 500 млрд. сўм пул маблағлари ўз ихтиёрларида қолиши кутилмоқда

'36 турдаги товарлар божхона божидан озод этилди: 1200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг 500 млрд. сўм пул маблағлари ўз ихтиёрларида қолиши кутилмоқда'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 23 мартдаги “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-41-сон Фармонига биноан 2024 йил 1 январга қадар 36 турдаги товарлар божхона божидан озод этилди.  

Божхона қўмитаси матбуот хизмати тақдим этган дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, Фармон қабул қилиниши ҳисобига 1200 дан ортиқ тадбиркорлик субъектларининг 500 млрд. сўм пул маблағлари ўз ихтиёрларида қолиши кутилмоқда.

Шунингдек, 23 турдаги товарларга нисбатан 2023 йил 1 июлга қадар  божхона божларининг ноль ставкалари қўлланилиши  2024 йил 1 январга қадар узайтирилди.

2022 йилда ва жорий йилнинг ўтган даври мобайнида 431 та тадбиркорлик субъектларининг хориждан олиб келган ушбу 23 турдаги товарлари (оғирлиги: 301,2 минг тонна) учун божхона божидан 905,4 млрд. сўм имтиёзлар қўлланилган.  

Яна бир муҳим жиҳат: Ўзбекистон ҳозирга қадар 47 та давлат билан савдо-иқтисодий муносабатларда энг кўп қулайлик бериш режимини жорий қилган. Мазкур рўйхатига кирмаган мамлакатларда ишлаб чиқарилган товарлар республикамизга олиб кирилганида божхона божининг икки баравар ставкасини қўллаш белгиланган бўлиб, ушбу амалиёт ҳам 2023 йил 1 июлга қадар бекор қилинган бўлса, энди бу муддат 2024 йил 1 январга қадар узайтирилди.  

Бундан ташқари Ўзбекистон Республикасига олиб кириладиган озиқ-овқат маҳсулотларини давлат тилида мажбурий маркировка қилиш тартиби ҳам вақтинчалик тўхтатилди.  

Буларнинг барчаси ички бозорида озиқ-овқатларнинг миқдор жиҳатдан ҳам, нарх жиҳатдан ҳам барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

    Бошқа янгиликлар