АсосийDunyo

Эрон ҳукумати хижобсиз аёлларни аниқлаш ва жазолаш учун жамоат жойларига камералар ўрнатмоқда

'Эрон ҳукумати хижобсиз аёлларни аниқлаш ва жазолаш учун жамоат жойларига камералар ўрнатмоқда'ning rasmi

Эрон ҳукумати жамоат жойларига кузатув камераларини ўрнатишни бошлаганини, улар ёрдамида ҳижоб киймаган аёлларни аниқлашини маълум қилди. Бу ҳақда  Reuters хабар берган.

Эрон полицияси ҳисоботида қайд этилишича, шу тарзда аниқланган “қоидабузарлар”га оқибатлари ҳақида огоҳлантирувчи хабарлар юборилади. Эрон ҳуқуқ-тартибот идораларига кўра, бу “ҳижоб қонунига қаршилик кўрсатиш”нинг олдини олишга ёрдам беради.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 14 сентябрь куни 22 ёшли Маҳса Амини ҳижобни нотўғри кийгани учун полиция ўринбосари томонидан қўлга олинган эди. Сўроқдан сўнг у касалхонага етказилган ва у ерда комага тушиб, 16 сентябрь куни вафот этган. Расмийлар ўлимга юрак хуружи сабаб бўлганини айтишди. Бироқ марҳумнинг яқинлари сўроқ пайтида у қаттиқ калтакланганини иддао қилди.

Ҳодисадан сўнг Эронни кенг кўламли намойишлар қамраб олди. Мамлакат Ички ишлар вазирлиги маълумотларига кўра, тартибсизликлар пайтида 200 киши ҳалок бўлган. Мустақил ноҳукумат ташкилотларга кўра, қурбонлар сони 500 кишидан ошади. 4 декабрь куни Эрон раҳбарияти аҳлоқ полициясини тугатди.

Маълумот учун: Эрон ҳукумати 1979 йилги ислом инқилобидан сўнг қатъий диний қонунларни жорий қилди. Унга кўра аёллар бошларини ҳижоб билан ўрашлари шарт. Қонунни бузган шахслар жарима ёки қамоқ жазосига тортилади.

    Бошқа янгиликлар