Туркманистон Туркиядан оқ рангли турк Togg электромобилларини юборишни сўради. Бу ҳақда Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли Коняалти шаҳридаги Togg кўргазма майдонига ташрифи чоғида айтиб ўтди, деб хабар берган Туркия президенти матбуот хизмати.
Чавушўғлининг сўзларига кўра, у Туркманистон ташқи ишлар вазири Радиш Мередов билан телефонда гаплашган ва у оқ рангли машиналар жўнатишни сўраган. Маълумот учун: Туркманистонда бошқа рангдаги автомобилларни ҳайдашга норасмий тақиқ бор.
“Агар Туркманистон оқ рангли машиналарни хоҳласа, биз бир ой ичида оқ рангли машиналар ишлаб чиқарамиз ва жўнатамиз. Ҳозир бизда қизил ранглар бор, уларни дарҳол юборишимиз мумкин”, деди Туркия ташқи ишлар вазири.
Эслатиб ўтамиз, Togg Т10Х турк кроссоверининг серияли ишлаб чиқарилиши 2022 йил октябрь ойида бошланган. Сал аввал Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ва унинг рафиқаси биринчи иккита қизил ва кўк рангли электромобилларни олди.
4 апрель куни қизил рангли Togg Т10Х кроссовери Озарбайжон президенти Илҳом Алиевга топширилди,10 апрель куни Ўзбекистон президентига ҳам юборилгани хабар қилинди. Шунингдек, Туркманистонга ҳам юборилаётгани айтилган эди.
Т10Х электромобилининг нархи вариантга қараб 953 мингдан 1,215 миллион лирагача (49 – 63 минг доллар) ўзгариб туради.






