Бундан бир неча ой аввал Маданият вазирлиги (ҳозирги Маданият ва туризм вазирлиги) харид қилган 14 млрд сўмлик машиналар ижтимоий тармоқларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эди. Шундан сўнг вазир Озодбек Назарбеков соҳада замонавий техникаларга эга бўлган махсус автомобилни сотиб олиш учун аслида давлат томонидан 20 млрд. сўм маблағ ажратилганини айтиб ўтган.
Кеча, 16 апрель куни вазирлик томонидан 15,5 млрд сўмга “Маданият карвони” учун харид қилинган 2 та махсус автотранспорт (трансфомерлар) Тошкентга етиб келди. Бу ҳақда Darakchi.uz мухбири хабар бермоқда.
Мазкур “Маданият карвони” учун мўлжалланган, тегишли мусиқа техникаси ва саҳнага эга махсус автотранспорт (трансформер) воситасининг техник параметрлари (кўриниши, сони, чизилмаси ва бошқа) мутахассислар томонидан белгиланган тартибда ишлаб чиқилган ва мусиқа техникаси ва саҳнага эга махсус энг замонавий автотранспорт воситаси бўйича хориж давлатлари, жумаладан, Фарнсия, Германия, Буюк Британия, АҚШ ва Хитойдан келтирилган махсус ускуналар ёрдамида тайёрлан.
Трансформер “ЖВ МАН Ауто-Узбекистан” МЧЖ қўшма корхонасида маҳаллий корхоналар (Турин Политехника Университети) билан биргаликда мукаммал ишлаб чиқиш, тайёрлаш ва зарур ускуналар билан жиҳозланган.
"Авваллари вилоятдан вилоятга бутун бошли гуруҳ юришига тўғри келарди. Уларга қўшимча транспор ва бошқа харажатлар, жой танлаш каби ноқулайликлар юзага келарди. Мазкур трансформер саҳнасини очиб ёпиш 2-2,5 соат вақт олади",–дейди муҳандис Жасур Мустафоев.
Маълум қилинишича, автотранспорт (трансформер) ни ўрнатишда қарийб 10 киши иш олиб боради. Олис қишлоқ ва овулларда ҳам бемалол сифатли маданий тадбирлар ўтказиш имконияти мавжуд. Транспорт воситаси дизел ёқилғисида ҳаракатланади, шунингдек, траснпортта генератор ўрнатилган бўлиб транспортни электр энергияси билан таъминлашга хизмат қилади.






