Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Туризм қўмитаси ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонаси раҳбари Д.Самандарованинг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланди.
Қайд этилишича, Корхона раҳбари Самандарова Дилфуза Мансуровна 2023 йил 22 февралида давлат рўйхатидан ўтказилган “Avtoimkon trade” МЧЖда 50 фоизлик улуш билан таъсисчи экан.
Шунингдек, у ижтимоий тармоқ орқали Тошкент шаҳар марказида жойлашган “LBOS Jewellery ” кумуш тақинчоқлар дўкони асосчиси эканлигини баён қилган ва ушбу дўконни реклама қилган.
Агентлик томонидан юқоридаги ҳолатларни бартараф этиш бўйича қўмита ва унинг ҳузуридаги “Миллий PR-маркази” давлат унитар корхонасига тақдимнома киритилган.
Эслатиб ўтамиз, Маданият вазири Озодбек Назарбеков ҳам МЧЖга 100 фоизлик улуш билан таъсисчи бўлиб келгани аниқланган эди.
Маълумот ўрнида, Вазирлар Маҳкамасининг 1992 йил 6 мартдаги “Тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган мансабдор шахсларнинг рўйхати тўғрисида”ги қарорига асосан давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ходимларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши тақиқланган.
Худди шу каби Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 2 майдаги "Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида"ги ЎРҚ-328-сон Қонунининг 4-моддасига асосан давлат органлари (қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно), уларнинг мансабдор шахслари, шунингдек, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қонунчиликда ман этилган бошқа шахслар тадбиркорлик фаолияти субектлари бўлиши мумкин эмаслиги белгиланган.