АсосийJamiyat

Сергелидаги портлашда омборда ёниб кетган электромобиллар утилизация қилишга юборилади

'Сергелидаги портлашда омборда ёниб кетган электромобиллар утилизация қилишга юборилади'ning rasmi

Аввал хабар қилганимиздек, кеча, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборхонасида кучли портлаш оқибатида ёнғин содир бўлди

Воқеа содир бўлган вақтда божхона омборига туташ ҳудудда BYD русумли автомобиллар ҳам бўлган. Афсуски, уларнинг баъзилари портлаш тўлқини ва шиша парчаларидан юзаки зарар кўрган. Компания ҳолат бўйича расмий муносабат билдирди.

"Сизга шуни маълум қиламизки, барча шикастланган автомобиллар утилизация қилишга юборилади, зеро бу хавфсизлик ва атроф-муҳитни сақлаш нуқтаи назаридан муҳимдир. Автомобилларни етказиб бериш бўйича барча мажбуриятлар шартномада кўрсатилган муддатларда бажарилади.

Портлаш сабаблари бўйича суриштирув ишлари олиб борилаётганлиги ва якуний эксперт хулосаси йўқлиги сабабли, ҳодисага электр транспорт воситаларининг алоқадорлиги ёки бошқа фактлар ҳақидаги маълумотларни тарқатмасликни сўраймиз.

Фожиали ҳодиса туфайли барча жабрланганлар ва уларнинг оила аъзоларига ҳамдардлигимизни билдирамиз", - дейилади хабарда. 

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборхонасида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлди. Тошкент ҳокими портлашдан талофат кўрган уйларнинг зарари қоплаб берилишини маълум қилди. Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар етиб борган.

ССВга кўра, портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Бир киши ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. 

    Бошқа янгиликлар