1

Сергелидаги портлашдан кўрилган зарарни давлат қоплаб бераётгани турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди

ЖАМИЯТ 29.09.2023, 22:54
Сергелидаги портлашдан кўрилган зарарни давлат қоплаб бераётгани турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлди

Ижтимоий тармоқларда Сергели туманида рўй берган фавқулодда ҳодиса туфайли аҳоли уйларига етказилган зарарнинг давлат ҳисобидан қоплаб берилаётгани турли баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Бош вазир матбуот котиби Бекзод Ҳидоятов ушбу муҳокамаларга ойдинлик киритди.

"Чиндан ҳам, фуқаролик ва жиноят қонунчилиги бўйича хусусий тадбиркорнинг ноқонуний ҳаракатлари оқибатида бошқа шахсларга етказилган зарарни давлат эмас, балки айбли ҳаракат содир қилган тадбиркорнинг ўзи қоплаб бериши керак.

Лекин нега бундай қилиняпти, деган савол туғилиши табиий.

Гап шундаки, процессуал қонунчиликка кўра, содир бўлган ёнғин оқибатида етказилган зарар бўйича айбдорларни аниқлаш ва уларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш ҳамда зарар қоплаш бўйича тергов ҳаракатлари ва суд жараёни кўп вақт талаб этади.  

Бугунги кунда мазкур ҳолат бўйича Ички ишлар вазирлиги томонидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ана шу жиҳатларни инобатга олиб, ёнғин оқибатида хонадонларига талофат етган фуқароларни совуқ тушмасдан тезроқ уйларига киритиш бўйича ҳукумат олдига қатъий топшириқ қўйганлар ва унинг ижросини шахсан ўзлари доимий назорат қилиб турибдилар.

Бундан ташқари, Конституциямизнинг 23-моддасида давлат ўз фуқароларини ҳимоя қилиш ва уларга ҳомийлик кўрсатишни кафолатлаши белгиланган.

Шу боис, тергов ва суд жараёнлари якунига етгунига қадар таъмирлашга керак бўладиган маблағлар захира жамғармасидан ишлатиб турилибди.

Шуни алоҳида қайд этмоқчиман, тергов ва суд ишлари якунига етгач, таъмирлаш учун захирадан ишлатилган пуллар тийин-тийинигача айбдорлардан суд орқали ундириб олинади", дейилади баёнотда.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 сентябрь куни Тошкент шаҳар Сергели тумани "Қурувчилар" даҳасида жойлашган божхона омборхонасида кучли чақнаш оқибатида ёнғин содир бўлди. Тошкент ҳокими портлашдан талофат кўрган уйларнинг зарари қоплаб берилишини маълум қилди. Воқеа жойига Бош вазир Абдулла Арипов ва бошқа масъуллар етиб борган.

ССВга кўра, портлаш оқибатида жабрланганларнинг умумий сони 163 нафарни ташкил этмоқда. Бир киши ҳалок бўлган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилди. 

Бош вазир Абдулла Арипов Сергели тумани аҳолиси билан учрашиб, улар билан мулоқот қилди.

Шарҳлар

Об-ҳаво: Тошкент
Валюта курси
1