Давлат томонидан тарқатилаётган кўмирнинг аҳолига етиб бориши юзасидан ўтказилаётган назорат тадбирларида Наманган ва Фарғонада ҳам тонналаб кўмирни талон-торож қилиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.
Маълум қилинишича, “Кўмир таъминот” масъулияти чекланган жамиятининг Наманган вилоят филиали тасарруфидаги Учқўрғон тумани кўмир омборида ўтказилган суриштирув жараёнида ушбу маҳсулотнинг талон-торож қилиниши билан боғлиқ ҳолат аниқланган.
Унга кўра, Учқўрғон тумани кўмир омбор мудири У.Н. куз-қиш мавсумида аҳолига имтиёзли нархда тарқатишга мўлжалланган 623,7 тонна кўмирларни талон-торож қилиб, маблағларни ўз шахсий манфаатлари йўлида ишлатиб юборган. У.Н. мазкур жиноят иши доирасида процессуал тартибда ушлан бўлиб, ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Бундан ташқари, Фарғона вилоятининг Бувайда туманида содир бўлган ҳолатда омбор мудири А.И. 413,8 миллион сўмлик 1 тонна 364,3 килограмм кўмирни гўёки фуқаролар олганлиги тўғрисида сохта маълумотлар тайёрлаб, уни нақд пулга сотгани ва пул маблағларини ўз шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборгани маълум бўлди.
Мазкур ҳолат юзасидан омбор мудирига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, ушбу шахс ҳам просессуал тартибда ушланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Андижон вилоятининг Андижон туманида 362,3 миллион сўмлик, Булоқбоши туманида 178,3 миллион сўмлик, Жалақудуқ туманида эса 421,7 миллион сўмлик кўмир талон-торож қилингани ҳақида хабар берган эдик.