АсосийJamiyat

⚡️Россия элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди

'⚡️Россия элчиси Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди'ning rasmi

Бироз аввал, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани ҳақида хабар берган эдик.

Шундан сўнг Олий Мажлис депутатлари Иномжон Қудратов ҳамда Бобур Бекмуродовлар россиялик амалдорга жавоб қайтарди. 

Бундан ташқари, рус амалдорининг бу фикрига жим қараб туролмаган ўзбек фаолларидан бири Расул Кушербаев "Мамлакатни босиб олишга йўл қўйиш, қулликка рози бўлиш демакдир!" деб ўз фикрини билдирди. 

Шундан сўнг Хушнудбек Хужойбердиев "Ўзбекистон мустақиллигини шубҳа остига қўядиган, Ватанимизни яна мустамлака қилишга олиб борадиган ҳар қандай тарғиботга аёвсиз чора кўрилиши керак. "Ҳа, майли энди, сўз эркинлиги бу, шахсий фикрини айтибди" деган баҳоналар ўтмайди. Ҳар қандай сўз эркинлигининг чегараси бор. Ватан мустақиллиги мавзуси муқаддас бўлиши шарт ва зарур, бу мавзуда бошқача талқинларга ўрин йўқ", деган фикрларни илгари сурди. 

Шунингдек, Кушербаев ва Худойбердиев Ташқи ишлар вазирлигидан қатъий жавоб беришни сўради. 

Шундан сўнг Ташқи ишлар вазирлиги Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Элчиси О.Малгинов вазирликка таклиф этилганини хабар қилди. 

Хабарга кўра, жорий йилнинг 21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига Россия Федерациясининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси О.Малгинов таклиф этилган.
Учрашув давомида Россия вакилига “Россия сегодня” матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда “Справедливая Россия – за правду” партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилган. 

Россия Федерацияси каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинган. 

Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, халқларимиз ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўз навбатида, О.Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия Федерацияси раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлагани ҳамда Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги вакили сифатида Элчи "Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган"лигини билдиргани ҳақида ёзилади расмий ахборотда. 

О.Малгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини қайд этди, дейилади хабарда. 

    Бошқа янгиликлар