АсосийЖамият

Қорақалпоғистонда вояга етмаган икки маҳбус катталар билан бир камерада сақлангани аниқланди

Болалар омбудсмани аралашуви билан улар алоҳида камерага ўтказилган.

'Қорақалпоғистонда вояга етмаган икки маҳбус катталар билан бир камерада сақлангани аниқланди'ning rasmi

Қорақалпоғистондаги 2-сонли тергов ҳибсхонасида 2 нафар вояга етмаган йигит катта ёшлилар билан бир камерада сақлангани аниқланди. бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди. 

Маълум қилинишича, Болалар омбудсмани 18−19 июль кунлари Қорақалпоғистон Республикасидаги 2-сонли тергов ҳибсхонасида бўлган ва мониторинг ўтказган. 

У муассасада сақланаётган 2 нафар вояга етмаган Х.Х. ва Р.Т.нинг шароитларини кўздан кечирди ва улар билан суҳбатлашди. Мониторинг давомида вояга етмаганлар катта ёшли маҳбуслар билан бир камерада сақланаётгани аниқланди.

Қайд этилишича, халқаро стандартлар ва миллий қонунчиликка кўра, ҳибсхоналарда вояга етмаганлар катталардан ажратилган тарзда сақланиши шарт бўлиб, алоҳида ҳоллардагина бунга прокурор розилиги билан йўл қўйилади.

Болалар омбудсмани мониторинг доирасида аниқлаган ушбу қонун бузилиши юзасидан йўллаган алоҳида сўрови асосида ҳибсхонадаги ҳолат Бош прокуратура томонидан ўрганилди.

Аниқланишича, 2011 йилдаги "Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида"ги қонуннинг 41-моддаси талабларига риоя қилинмасдан, прокурор розилигини олмасдан туриб, вояга етмаганлар катта ёшли шахслар билан бир камерада сақланган. Шу сабабли тергов ҳибсхонаси маъмуриятининг мутасадди мансабдор шахсларига қаттиқ ҳайфсан интизомий жазоси қўлланди.

"Текширувда катта ёшли маҳбуслар томонидан вояга етмаганлар ҳуқуқларига зарар етказиш фактлари аниқланмай, айни пайтда вояга етмаганлар катта ёшли шахслардан алоҳида камерага жойлаштирилган бўлиб, ҳибсхона маъмурияти қонун талабларига қатъий риоя қилиши прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган", — дейилади хабарда.

Бошқа янгиликлар