АсосийЖамият

Тошкентда фуқаро битта дарахтни кесгани учун 17 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди

Кесилган дарахт учун компенсация тарзида 100 туп кўчат экиш мажбурияти ҳам юклатилди.

'Тошкентда фуқаро битта дарахтни кесгани учун 17 млн сўм жарима тўлайдиган бўлди'ning rasmi

Тошкент шаҳар Сергели туманида фуқаро битта дарахтни кесгани учун 17 миллион сўм жарима тўлайдиган ва 100 та кўчат экадиган бўлди. Бу ҳақда Экология вазирлиги хабар берди

Унда айтилишича, Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармасига Сергели тумани, Сергели 7-мавзесида дарахтга шикаст етказилаётгани ҳақида мурожаат келиб тушди.

Мурожаат жойига чиқиб ўрганилганида “Мададкор” МФЙда фуқаро Й.У. томонидан 1 та дарахт кесилиб, ўсишдан тўхташ даражасида шикаст етказилгани маълум бўлди. Натижада табиатга 8 миллион 840 минг сўм зарар етказилган.

Ҳуқуқбузарга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 79-моддаси 1-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилди. Унга базавий ҳисоблаш миқдорининг 25 баравари — 8 миллион 500 минг сўм жарима белгиланди. Ҳуқуқбузар жами 17 миллион 340 минг сўм товон тўлайдиган бўлди. 

Шунингдек, унга Вазирлар Маҳкамасининг 464-сон қарорига асосан кесилган дарахт учун компенсация тарзида 100 туп кўчат экиш мажбурияти юклатилди.

    Бошқа янгиликлар