Сентябрда Тошкентда уй-жойлар учун ижара нархларининг ошиши давом этди. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти мутахассислари хабар берди.
Ой давомида пойтахтда ўртача таъмирланган хонадонлар учун ўртача ижара нархлари августга нисбатан 2,8 фоизга, тўлиқ таъмирланган хонадонлар учун эса 1,4 фоизга ошди. "Ўртача таъмирланган уй-жойлар ижарасига талабнинг ошиши бўйича кутилмалар бундай уйларнинг ижара нархларига таъсир кўрсатди", — дея қайд этган МҲТИ.
Хусусан, сентябрда ўртача таъмирланган 1 хонали уйлар учун ўртача ижара нархи августга нисбатан 2,4 фоизга, 2 хонали уйлар учун 3,4 фоизга, 3 хонали уйлар учун 3,2 фоизга, 4 хонали уйлар учун эса 2,1 фоизга ошди.
Ўртача таъмирланган хонадонлар учун нисбатан арзон ижара нархлари Сергели (1 хонали — 291 доллар, 2 хонали — 363 доллар, 3 хонали — 403 доллар, 4 хонали — 463 доллар), Олмазор (1 хонали — 306 доллар, 2 хонали — 362 доллар, 3 хонали — 426 доллар, 4 хонали — 503 доллар) туманларида таклиф этилган.
Энг қиммат ижара нархлари эса Миробод (1 хонали — 358 доллар, 2 хонали — 445 доллар, 3 хонали — 548 доллар, 4 хонали — 721 доллар) ва Яккасарой (1 хонали — 343 доллар, 2 хонали — 460 доллар, 3 хонали — 611 доллар, 4 хонали — 631 АҚШ доллар) туманларида кузатилган.
Тўлиқ таъмирланган уй-жойлар ижараси
Ой давомида 3 хонали уй-жойларнинг ижара нархи 0,9 фоиз пасайган бўлса-да, 2 хонали уй-жойларнинг ижара нархи ўртача 1,1 фоиз, 4 хонали уй-жойларнинг ижара нархи 2,3 фоиз, 1 хонали уй-жойларнинг ижара нархи эса 3,1 фоизга ошган.
Тўлиқ таъмирланган уй-жойларнинг энг арзон ижара нархлари Сергели (1 хонали — 331 доллар, 2 хонали — 428 доллар, 3 хонали — 506 доллар, 4 хонали — 634 доллар) ва Учтепа (1 хонали — 393 доллар, 2 хонали — 453 доллар, 3 хонали — 538 доллар, 4 хонали — 717 доллар) туманларида таклиф этилган.
Энг қиммат ижара нархлари эса Миробод (1 хонали — 474 доллар, 2 хонали — 678 доллар, 3 хонали — 967 доллар, 4 хонали — 1278 доллар) ва Шайхонтоҳур (1 хонали — 442 доллар, 2 хонали — 708 доллар, 3 хонали — 1004 доллар, 4 хонали — 1272 доллар) туманларида кузатилган.
Ижара нархлари olx.uz платформасидан веб скрепинг (web scraping) орқали олинган очиқ маълумотлар асосида таҳлил қилинган. Бунда 2024 йилнинг август ойи учун 52 мингта ва сентябрь ойи учун 51,9 мингта маълумотдан фойдаланилган. Иккала давр учун ҳам таҳлил нархлар чегарасининг юқори ва пастки 5 фоизлик квантиллари чиқариб ташланганидан кейин амалга оширилган.