АсосийЖамият

Тошкент вилоятидаги объектлар пойтахтдаги тадбиркорларга бўлиб-бўлиб тўлашга берилади

Шарти: ишчиларнинг 50 фоизи камбағал оиладан бўлиши керак.

'Тошкент вилоятидаги объектлар пойтахтдаги тадбиркорларга бўлиб-бўлиб тўлашга берилади'ning rasmi

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Тошкент вилоятини ривожлантириш вазифалари юзасидан йиғилиш бошланди.

Қайд этилишича, вилоятда тадбиркорлик қилишга иштиёқ кундан-кун ошаяпти. Пойтахтдаги корхоналар ҳам инфратузилма яқинлиги, ер, мулк солиғи, ишчи кучи арзонлиги учун Тошкент вилоятидан жой қидираяпти.

Шу боис, Тошкент, Қибрай, Зангиота, Юқоричирчиқ, Ўртачирчиқ туманлари, Чирчиқ ва Нурафшон шаҳарлари пойтахт туманлари билан ҳамоҳанг ривожланиши керак, деди Президент.

Мисол учун, Тошкент туманининг Қорасарой ва Хасанбой гузари маҳаллаларида 97 гектарда индустриал технопарк ташкил қилинади.

Бу жойда 350 миллион долларлик юқори қўшилган қийматли лойиҳаларни ташкил қилиш мумкин.

Бундан ташқари, тадбиркорлар жами 107 гектарда экопарк, аквапарк, савдо комплекси, меҳмонхона ва логистика марказларини барпо этмоқчи, яна 100 гектарда 35 минг хонадонли кўп қаватли уйлар қуришга тайёр турибди.

Йиғилишда Тошкент тумани вилоят аҳолисига уй-жой қуриш учун асосий база бўлиши кераклиги қайд этилди.

Шунингдек, Тошкент тумани орқали Қозоғистондан кунига 44 минг одам, жумладан 2-2,5 минг хорижий туристлар ўтиб қайтади.

Мутасаддиларга “Шифобахш сувлар” ҳудудидан яна 5 та санаторий қуриш учун жой топиб, аукционга чиқариш, Шифобахш сувлар кўчасини кенгайтириб, атрофида йирик савдо, спорт ва кўнгилочар марказлар, кўп қаватли уйлар қуриш бўйича мастер режа ишлаб чиқиш топширилди.

Пойтахтдаги корхоналарга вилоятдаги қурилиши тўхтаган объектларга кўчиб ўтишни таклиф қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Анча вақтдан бери сотилмаган 70 та объект пойтахтдаги тадбиркорларга бўлиб-бўлиб тўлашга берилади. Шарти – ишчиларнинг 50 фоизи камбағал оиладан бўлиши керак.

    Бошқа янгиликлар