Наманган вилояти Уйчи туманида 9 ноябрь куни поезд ва енгил автомобиль тўқнашиб кетди. Бу ҳақда вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар қилди.
Маълум бўлишича, соат 10:20 ларда Уйчи-Чортоқ темирйўл бекатлари оралиғидаги қўриқланмайдиган темирйўл кесишмасида ҳайдовчи (1961 йилда туғилган) Damas автомашинасини бошқариб бораётиб, кесишмадаги тўхташ ишораси ва светофорга амал қилмаган. У ҳаракатда давом этиши оқибатида темирйўлда келаётан электровознинг юк вагонига бориб урилган.
Ҳодиса оқибатида ҳайдовчи оғир тан жароҳати билан воқеа жойида вафот этган.
"Ўзбекистон темир йўллари"нинг қўшимча қилишича, машинист тезкорлик билан тормозни босган, аммо тўқнашувнинг олдини олиш иложи бўлмаган. Ҳудудда поездлар ҳаракати жадвалида ўзгартиришлар бўлмаган.