Ведомство ҳузуридаги Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатиш хизматига кўра, жорий йилнинг 1, 11 ва 12 май кунлари Наманган вилоятининг Косонсой ва Янгиқўрғон туманларида дўлли булутларга таъсир кўрсатиш ишлари олиб борилган. Жами 57 дона “Алазан-6” дўлга қарши снаряди қўлланилган.
Таъкидланишича, конвектив булутларга таъсир кўрсатишга қарамай, айрим ҳудудларда қисқа муддатли дўл ҳодисалари кузатилиши мумкин.
“Алазан-6” ҳақида маълумотга кўра, мазкур тизим 1960-йиллардан буён дўлга қарши курашда қўлланиб келинадиган ракета қурилмаларидан бири бўлиб, булут ичидаги жараёнларга таъсир кўрсатиш орқали дўл шаклланишини сусайтиришга хизмат қилади.
“Ўзгидромет” маълумотига кўра, Гидрометеорологик жараёнларга таъсир кўрсатиш хизмати Наманган билан бирга Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида ҳам фаолият юритади.
Мутахассислар қайд этишича, сўнгги йилларда иқлим ўзгариши туфайли қисқа муддатли, аммо кучли ёғингарчиликлар, жумладан дўл ҳодисалари сони ортиб бормоқда.






