Ўзбекистоннинг собиқ ташқи ишлар вазири, президентнинг ташқи сиёсат масалалари бўйича махсус вакили Абдулазиз Комилов Туркманистоннинг "Ҳурматли эл ёшуллиси" ("Hormatly il ýaşulusy") унвони билан тақдирланди. Бу ҳақда Тurkmenportal хабар берди.
Мамлакат президенти Сердар Бердимуҳамедов фармони билан берилган унвон унга "Туркманистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш, миллий анъана ва урф-одатларни ривожлантириш, икки қардош халқнинг маънавий ришталари билан боғлиқ бирлиги ва ҳамжиҳатлигини мустаҳкамлашдаги улкан хизматлари" учун тақдим этилди.
Бундан ташқари, яна бир бошқа фармонга мувофиқ Абдулазиз Комилов "Махтумқули Фироғийнинг 300 йиллиги" (Magtymguly Pyragynyň 300 ýyllygyna) юбилей медали ва кўкрак нишони билан тақдирланди.
Бу мукофот ҳам унга "ёш авлод тарбиясидаги алоҳида хизматлари учун, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги узоқ йиллик муносабатларни, сиёсий, иқтисодий, илмий-таълимий ва маданий ҳамкорликни кенгайтиришга қўшган катта шахсий ҳиссаси учун" топширилди.