АсосийЖамият

Бир неча вилоятларда “Умра” тадбирларини ноқонуний тарзда ташкил этиб келган турфирмалар фош этилди

Уларга 75 миллион сўмгача жарима қўлланилган.

'Бир неча вилоятларда “Умра” тадбирларини ноқонуний тарзда ташкил этиб келган турфирмалар фош этилди'ning rasmi

Бир неча вилоятларда ўтказилган махсус тадбирларда ноқонуний тарзда “Умра” тадбирларини ташкил этиб келган турфирмаларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита хабар берди.

Маълум қилинишича, Фарғона вилояти Марғилон шаҳрида жойлашган “Xurmo travel umra” МЧЖ (Saxiy travel) фуқароларга лисензиясиз “Умра” тадбирини ташкил этиб келгани аниқланган.

Қолаверса, Сурхондарё вилояти Денов шаҳрида “Anor tour” номи остида, Тошкент шаҳри, Чилонзор туманида “Sokin travel” номи остида жисмоний шахслар томонидан давлат рўйхатидан ўтмасдан “Умра” тадбирини ташкил этиб келгани аниқланган.

Юқоридаги ҳолатлар юзасидан Қўмита томонидан “Xurmo travel umra” МЧЖ (Сахий травел)га нисбатан “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунининг тегишли моддалари талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан БҲМнинг 200 баравари (75 млн сўм) жарима қўллаш бўйича қарор қабул қилинган.

Шунингдек, “Anor tour” ва “Sokin travel” номлари остида ишлаб келган жисмоний шахсларнинг ҳатти-ҳаракатлари бўйича тўпланган материаллар тегишли чора кўриш юзасидан ҳуқуқ тартибот органларига юборилган.

Маълумот учун, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларини лисензияга эга бўлмаган тадбиркорлик субъектлари томонидан кўрсатиш тақиқланган.

    Бошқа янгиликлар