Германия Украинага 60 та ракета етказиб беради. Ҳаво ҳужумидан мудофаа тизими учун ракеталар яқин вақт ичида етказиб берилади. Бу ҳақда zamon.uz хабар берди.
Тахминан 60 миллион евро қийматидаги ракеталар Германия Мудофаа вазирлиги захираларидан ажратилади. Бу келишувга Германия Мудофаа вазири Борис Писториуснинг Киевга ташрифи чоғида эришилган.
Шунингдек, Германия январ охиригача Полшанинг Украина билан чегараси яқинидаги Жешув шаҳрига Patriot мудофаа тизимларини жойлаштириши хабар берилди.
“Биз Жешувнинг логистика маркази сифатидаги аҳамиятини жуда яхши тушунамиз, бу ҳудуд айниқса Украинага ёрдам кўрсатишда муҳим ҳисобланади. Январ ойида шахсан ўзим Жешувга бораман ва у ерда Patriot мудофаа тизимларини ишга туширилишини таъминлайман”, — деди Писториус Киевдаги матбуот анжуманида.
Оммавий ахборот воситалари хабарига кўра, Жешувда иккита Patriot тизими ва 200 нафар немис ҳарбийларини жойлаштириш режалаштирилган. Ҳозирда Жешувда аллақачон норвегиялик ҳарбийлар бригадаси, NASAMS мудофаа тизими ва тўртта F-35 қирувчи самолёти жойлаштирилган.