Аввалроқ боғчада болаларга заҳарли илонлар билан томоша кўрсатилганлиги акс этган видео бўйича ўрганиш олиб борилаётгани хабар қилинган эди.
Айни пайтда ҳолат бўйича Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси матбуот хизмати маълумот тақдим этди.
Ҳолат жорий йилнинг 16 январь куни Тошкент вилояти Пискент туманидаги 7-сонли Давлат мактабгача таълим муассасасида кузатилган.
Видеода мактабгача таълим муассасасида тарбияланувчиларга ҳозирда ноёб, Қизил китобга киритилган Ўрта Осиё кобралари билан томоша уюштирилганлиги ва бунда боғча маъмурияти томонидан болаларнинг ҳаёти ва соғлиғи учун хавфсизлик чоралари таъминланмаганлиги акс этган.
Томошалар Олмалиқ шаҳар "Кумуш диёр" хусусий корхонаси тасарруфидаги "Тошкент" ҳаваскорлик цирк жамоаси ходими Ҳ.А томонидан уюштирилган. Мазкур шахс ўқув йили аввалида туман мактабгача ва мактаб таълими бўлимига таълим тизимидаги муассасаларга цирк томошаларини намойиш қилиш бўйича хат ва дастур билан мурожаат қилган. Масъуллар томонидан ушбу томошаларга рухсат берилган.
Намойишлар дастурида ҳайвонлар билан саҳна кўринишлари кўрсатилмаган. Ҳ.А 16-январ куни тумандаги 7-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида болаларнинг ҳаёти ва соғлиги учун хавфли бўлган жонзотлар билн ўйин кўрсатган.
Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан ишчи гуруҳ тузилиб, ўрганиш ишлари олиб борилди. Ишчи гуруҳ хулосаси билан ҳолатга бевосита масъул бўлган, эътиборсизлик қилган шахсларга нисбатан чора кўрилди.
Шу билан бирга Ички ишлар органлари томонидан ҳам мазкур ҳолат тўлиқ назоратга олинган.