Ўзбекистон ва Япония меҳнат миграцияси бўйича Japan Career Portal`ни ишлаб чиқди. Бу ҳақда Миграция агентлиги хабар берди.
21 январь куни агентлик директори Беҳзод Мусаев ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акиҳико Танака иштирокида онлайн платформани ишга тушириш маросими ўтказилди.
Қайд этилишича, платформа JICA`нинг Марказий Осиёдаги мана шу йўналишдаги биринчи лойиҳаси бўлиб, Япониянинг саноат секторида ишга жойлаштириш орқали инсон капитали ривожини таъминлашга хизмат қилади.
"Умид қиламанки, Марказий Осиё давлатлари орасида биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда ишга туширилган ушбу портал Японияда ўқиш, ишлаш ва малака ошириш истагидаги ўзбекистонлик ёшларга, мутахассисларга самарали кўмакчи бўлиб хизмат қилади", — деди JICA президети Акиҳико Танака.
Шунингдек, у мамлакатда қишлоқ хўжалиги ва кексаларни парваришлаш йўналишида ишчи кучига эҳтиёж катта эканлигини таъкидлади. Ҳозир мамлакатда 6 минг нафардан ортиқ ўзбекистонликлар вақтинчалик меҳнат қилмоқда.
Агентликнинг қайд этишича, Japancareer.uz ўзбекистонликларга Японияда меҳнат миграцияси, таълим ва яшаш имкониятлари ҳақида ишончли маълумотларни тақдим этувчи универсал платформа саналади. У ўзбек, рус ва япон тилларида юритилади.
Бундан ташқари, япониялик иш берувчиларга ўзбекистонлик мутахассисларнинг салоҳияти ва касбий сифатлари ҳақида тўлиқ маълумотлар тақдим этиб борилади.
Учрашувда Япониянинг "Махсус малакага эга ишчи" дастури доирасида Ўзбекистон учун соҳалар тармоғини кенгайтириш, япон тили ва малака курслари сонини кўпайтириш, мамлакатнинг йирик иш берувчи ва рекрутинг компанияларини ҳамкорликка жалб этиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Ҳозирда Android учун порталнинг мобил иловасини ҳавола орқали юклаб олиш имкони мавжуд. Бундан ташқари, Telegram`даги чатбот ёрдамида мурожаатлар қабул қилинади.