Истанбулдаги “Reina” тунги клубида 2017 йилда теракт уюштирган Ўзбекистон фуқароси 40 карра умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Бу ҳақда CNN Турк хабар берди.
Терактни амалга оширган Абдулқодир Машариповга 2020 йилда тегишли жазо тайинланган. Бироқ у ҳукм устидан шикоят қилган. Эндиликда суд ҳукмлар қонунларга зид эмас деган қарорга келди.
Машарипов 39 кишини қасддан ўлдиришда ва 79 кишини ўлдиришга уринишда айбдор деб топилди. 2020 йил сентябрда суд уни оғирлаштирувчи ҳолатлар билан 40 карра умрбод қамоқ жазосига ва ҳар бир модда бўйича 1368 йил қамоқ жазосига ҳукм қилди.
Олий суд, шунингдек, клубга ҳужум иши бўйича турли муддатларга ҳукм қилинган яна 31 нафар маҳкумнинг илтимосномасини ҳам кўриб чиқди. Уларга нисбатан чиқарилган ҳукмлар ҳам ўзгаришсиз қолдирилди.