Ўзбекистон олий таълим муассасалари Британиянинг "Times Higher Education" ташкилоти талқинига кўра, илк бор дунёнинг энг нуфузли университетлари рўйхатига киритилди. Бу ҳақдаЎзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги хабар берди.
Маълумотга кўра, рейтингда "Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти" Миллий тадқиқот университети Табиий фанлар, математика ва статистика йўналишида 301–400, Муҳандислик йўналишида 501–600 ўринлар оралиғида қайд этилди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети эса Табиий фанлар, математика ва статистика йўналишида 601–800 ўринлар оралиғида ўз ўрнини топди. Тошкент ахборот технологиялари университети Таълим йўналишида 601+, Компьютер илмлари ва дастурлаш технологиялари йўналишида 1001+ ўринни эгаллади.
Дунёдаги энг нуфузли табиий фанлар университетлари рўйхатида Калифорния университети, Гарвард, Стэнфорд ва Массачусетс технология институти (MIT) етакчилик қилмоқда. Энг яхши IТ университетлар рейтингида Оксфорд, Кембриж ва MIT ўрин олган.
"Times Higher Education" рейтингда университетларни ўқитиш сифати, талабалар ва битирувчиларнинг истиқболлари ва бошқа параметрларт ҳисобга олинади.