АҚШ Президенти Дональд Трамп 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадада трансгендерларнинг аёллар мусобақаларида иштирок этмаслигини таъминлаш учун чоралар кўришга ваъда берди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Трамп трансгендерларнинг аёллар ва қизлар мусобақалашадиган таълим муассасаларидаги спорт тадбирларида иштирок этишини тақиқловчи фармонни имзолади.
“Бундан буён аёллар спорти фақат аёллар учун бўлади,” деди Трамп Оқ уйда ҳужжатни имзолашдан олдин.
Унинг сўзларига кўра, сўнгги йилларда АҚШда аёллар ўртасидаги мусобақаларда минглаб трансгендерлар иштирок этган. Шунингдек, Президент яқинда Парижда бўлиб ўтган Олимпиадада ғолиб бўлган икки боксчи биологик эркак экани гумон қилиниб, аёллар ўртасидаги мусобақаларга қўйиб юборилгани ҳақидаги воқеани ҳам эслатди.
“Бугун буларнинг барчасига чек қўйилади,” деб ишонтирган Трамп.
Унинг сўзларига кўра, Оқ уй томонидан кўрилаётган чора-тадбирлар АҚШнинг давлат томонидан молиялаштириладиган барча мактаб ва коллежларида трансгендерларнинг мусобақаларга киришига йўл қўймасликка имкон беради.
“Агар биз қандайдир бўшлиқларни ўтказиб юборганимиз маълум бўлса, биз қўшимча фармон тайёрлаймиз,” деб ваъда берди Америка Президенти.
Шунингдек, у 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпиадада трансгендерларнинг аёллар мусобақаларида иштирок этмаслиги учун чоралар кўришга ваъда берди.
“Биз бунга йўл қўймаймиз ва бизга ҳеч ким халақит беролмайди,” деди давлат раҳбари.
Трампнинг фармони Таълим вазирлигидан таълим муассасаларини огоҳлантиришни талаб қилади, агар уларнинг маъмурияти ўғил бола бўлиб туғилган ўқувчиларга аёллар билан рақобатлашишга рухсат берса, бу таълим дастурлари доирасида жинсий камситишни тақиқловчи федерал қонуннинг бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин. Унга кўра, қоидабузарликларга йўл қўйган муассасалар энди федерал молиялаштиришни олмаслиги керак. Бундан ташқари, Америка ҳукумати мактаб ва коллежлар билан боғлиқ бўлмаган бошқа спорт уюшмаларида ҳам шунга ўхшаш қоидаларни қўллашга чақиради.
Шунингдек, АҚШ Давлат департаментига АҚШга кираётган спортчиларнинг визаларини текшириш, эркак туғилганлар ўзларини аёл деб таништирмаслигига ишонч ҳосил қилиш учун кўрсатма берилади.
Фармон АҚШда февраль ойининг биринчи ҳафтасида нишонланадиган Спортда қизлар ва аёллар миллий кунида имзоланди.
Американинг йигирмата штатида трансгендер спортчиларга тақиқ аллақачон амал қилмоқда, бошқаларида улардан шифокорларнинг кўрсатмаларини кўрсатиш ва бир йил давомида гормонал терапиядан ўтиш талаб қилинади, учинчиларида ҳеч қандай чекловлар амал қилмайди.
“Associated Press” (АР) агентлигининг ёзишича, Трампнинг сайловолди кампанияси давомида унинг “эркакларни аёллар спортидан узоқ тутиш” ваъдаси партия хоҳиш-истакларидан қатъи назар машҳур бўлган. AP сўрови шуни кўрсатдики, респондентларнинг ярмидан кўпи ҳукумат трансгендерлар ҳуқуқларини қўллаб-қувватлашда ҳаддан ошиб кетган деб ҳисоблайди.
29 январь куни Трамп АҚШда 19 ёшга тўлмаганларнинг жинсини ўзгартириш бўйича операцияларни тақиқлади.