АсосийСиёсат

Шавкат Мирзиёев ва Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ тор доирада учрашув ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказдилар

Қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Инвестиция платформаси ва Ишбилармонлар кенгаши каби механизмларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ал-Кувайт шаҳрида савдо уйини очиш бўйича келишувга эришилди.

'Шавкат Мирзиёев ва Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ тор доирада учрашув ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказдилар'ning rasmi

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Кувайт Давлати Амири Шайх Мишъал ас-Сабоҳ 17 февраль куни Ал-Кувайт шаҳридаги "Ал-Баян" саройида тор доирада учрашув ҳамда расмий делегациялар аъзолари иштирокида музокара ўтказдилар. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари кўрсатилаётган самимий қабул ва юксак эътибор учун Амирга миннатдорлик билдириб, Кувайт етакчиси ва дўст халқини яқинлашиб келаётган миллий байрамлар билан дилдан қутлади.

Ўзбекистон билан Кувайт ўртасидаги дўстлик ва кўп қиррали шериклик муносабатларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Президентимиз Кувайтда муваффақиятли амалга оширилаётган, мақсад ва вазифалари Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг узоқ муддатли устувор йўналишларига ҳамоҳанг бўлган "Нигоҳ 2035" давлат дастурини алоҳида қайд этди.

Фаол сиёсий мулоқотлар ва идоралараро алмашинувлар, ўзаро товар айирбошлаш ва инвестициялар ҳажми барқарор ортиб бораётгани мамнуният билан таъкидланди.

Ўтган йили Ҳукуматлараро комиссиянинг биринчи йиғилиши самарали ўтказилди, қатор муҳим ишбилармонлик тадбирлари ташкил этилди.

Савдо-иқтисодий, инвестициявий, инновацион ва молиявий-техник соҳалардаги ҳамкорлик масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

"Яшил" энергетика, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, инфратузилма, шаҳарсозлик, соғлиқни сақлаш, туризм соҳалари амалий ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида белгиланди.

Қўшма лойиҳаларни илгари суриш мақсадида Инвестиция платформаси ва Ишбилармонлар кенгаши каби механизмларни йўлга қўйиш, шунингдек, Ал-Кувайт шаҳрида савдо уйини очиш бўйича келишувга эришилди.

Янги шериклик дастури доирасида Кувайт араб иқтисодий тараққиёт фонди билан лойиҳалар портфелини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ва Кувайтда маданият ва туризм ҳафталикларини ўтказиш, икки мамлакат вакилларининг санъат, мусиқа, кино, таълим ва спорт соҳаларидаги маданий-гуманитар тадбирларда фаол иштирок этишига кўмаклашишга келишиб олинди.

Учрашувда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти, Қўшилмаслик ҳаракати ва бошқа нуфузли тузилмалар доирасида ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттириш муҳимлиги қайд этилди.

Жорий йил май ойида Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган "Марказий Осиё - Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши" мулоқоти саммитига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича қўшма чора-тадбирлар муҳокама қилинди.

Етакчилар халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Музокаралар якунида икки давлат раҳбарлари кенг қамровли шерикликни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қарор қилдилар.

Музокаралар якунида Ўзбекистон Президенти Кувайт Амирини мамлакатимизга ташриф билан келишга таклиф этди.

    Бошқа янгиликлар