Ўзгидромет хабарига кўра, кеча кундузи ва ўтган кечаси Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан совуқ ва нам ҳаво массаларининг кириб келиши бошланди.
Ушбу ҳаво массаларининг кириб келиши бугун ҳам давом этади.
Бугун 3 март куни ҳудуднинг катта қисмида қор ёғиши давом этади ва ҳаво ҳарорати 0-5 даража совуқ атрофида бўлади. Куннинг иккинчи ярмида Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида қор ёғиши тўхтайди.
4 мартда Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Фақат республиканинг айрим тоғли ҳудудларида бироз қор ёғиши мумкин. Кечаси ва эрталаб ҳали ҳам совуқ антициклон таъсири сақланиб туради, ҳарорат 2-7 даража совуқ атрофида бўлади. Кундузи антициклон республика ҳудудидан аста-секин чекина бошлайди. Ҳарорат 4-7 даража илиққача кўтарилади, аммо бу март ойи боши учун меъёрдан нисбатан пастдир.
Республиканинг айрим жойларига туман тушиши мумкин.
5-6 март кунлари Ўзбекистоннинг барча ҳудудлари бўйича ёғингарчиликсиз об-ҳаво бўлиши кутилмоқда.
7 мартда республика бўйича баъзи жойларда (Фарғона водийсидан ташқари) яна ёмғир кўринишидаги ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда.
Фақат Ўзбекистоннинг шимолида – Устюртда ва Орол бўйи ҳудудларида ёмғир қорга айланиши мумкин. Ҳафта ўртасидан ҳарорат жадал кўтарила бошлайди ва
6-7 март кунларига келиб, кечалари 5-8 даража илиқни, кундуз кунлари 14-17 даража илиқни, жанубда 20-22 даража илиққачани ташкил этади.
3 март ва 7 март кунлари республика бўйича баъзи жойларда шамол тезлиги 17-22 м/с гача кучаяди, айрим жойларда баъзида 23-25 м/с гача кучайиши мумкин.
Тошкентда: 3 мартда вақти-вақти билан қор ёғади. Ҳарорат 0-2 даража совуқ бўлади.
4-6 март кунлари ёғингарчилик кутилмайди. 7 мартда кечга томон ёмғир ёғиши мумкин. Ҳарорат 4 мартда кечаси 3-5 даража совуқ, кундузи 5-7 даража илиқ бўлади. 5-7 мартда ҳарорат кечалари 4-7 даража илиққача, кундуз кунлари 14-17 даража илиққача кўтарилади.