Ўзбекистонда ислом илм-фани ва маданиятига оид қўлёзмаларни илмий ўрганиш ва уларни кенг жамоатчиликка тақдим этиш мақсадида “Евроосиё ислом қўлёзмалари” электрон каталоги яратиш режалаштирилмоқда.
Ушбу лойиҳа Ислом цивилизацияси маркази ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси томонидан амалга оширилиши кутилмоқда.
Мазкур лойиҳа нафақат маҳаллий, балки халқаро миқёсда ҳам кенг қамровга эга ҳисобланади. Лойиҳа доирасида Евроосиё минтақасида тарқалган ислом қўлёзмалари жамланади ва улар тўлиқ рақамлаштирилади.
Бу эса ноёб илмий асарларни сақлаш, уларнинг ҳар томонлама тадқиқ қилиниши ҳамда кейинги авлодларга етказилишини таъминлайди. Электрон каталог орқали тадқиқотчилар исломий қўлёзмалар билан бевосита танишиш имкониятига эга бўладилар.
“Евроосиё ислом қўлёзмалари” электрон каталоги Ўзбекистоннинг бой илмий меросини глобал миқёсда оммалаштириш, ислом маданияти ва тарихи бўйича илмий тадқиқотларни ривожлантириш ҳамда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилади.