ДХХнинг darakchi.uz'га хабар қилишича, Хизматнинг Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ички ишлар органлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда Сариосиё туманида яшовчи, 1977 й.т., муқаддам судланган шахс тожикистонлик наркокуръерлар томонидан Узун тумани ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 82 кг. 478 гр. “опий” моддасини олиб, маҳаллий фермер хўжаликларидан бирининг нотурар биносига яшириб қўймоқчи бўлган вақтида ушланди.
Аниқланишича, у 2 минг АҚШ доллари хизмат ҳақи эвазига, тожикистонлик наркосавдогарнинг кўрсатмасига асосан ушбу гиёҳвандлик воситасини келгусида белгиланган жойга етказиб бериши керак бўлган.
ДХХ ва ИИВ ходимлари ҳамкорлигида Наманган вилоятининг Косонсой туманида ўтказилган тезкор тадбирда, 2001 й.т. шахс синтетик гиёҳвандлик воситаларини “закладка” тарзида жойлаштираётган вақтида қўлга олинди.
Шунингдек, у ўз қайнонасининг яшаш хонадонида нарколаборатория ташкил қилганлиги аниқланиб, тинтув тергов ҳаракатлари давомида ушбу манзилдан 9 кг. 450 гр. “Мефедрон” синтетик гиёҳвандлик воситаси ашёвий далил сифатида олинди.
Бундан ташқари, мазкур фуқаро томонидан мижозларга сотиш мақсадида хуфия жойларга қолдирилган жами 595 гр. “Мефедрон” моддаси ҳам тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Бошқа ҳолатда эса Россия Федерациясидан халқаро почта жўнатмалари орқали бошқа товар номи остида пластик идишда юборилган 7 кг. 313 гр. синтетик каннабиноид аналоги бўлган “5-Fluro-ADB” гиёҳванд моддасини қабул қилиб олганларида Тошкент шаҳрида вақтинча яшовчи, 2001 ва 2002 йилларда Қашқадарё вилоятида туғилган 2 нафар шахс ДХХ ва Божхона қўмитаси ходимлари томонидан қўлга олинди.
Аниқланишича, улар “WhatsАpp” мессенжери орқали танишган номаълум профил эгаси топшириғига кўра, 500 АҚШ доллари эвазига ушбу ажал оғусини Тошкент шаҳридан Самарқанд вилоятига етказиб беришлари керак бўлган.
Шундан сўнг, тезкор тадбир давом эттирилиб, мазкур наркотик моддани Самарқанд вилоятида қабул қилиб олган вақтларида Пастдарғом туманида яшовчи, 2001 ва 2002 йилларда туғилган 2 нафар фуқаро ҳам ушланди.
Улардан бирининг Самарқанд шаҳридаги хонадони кўздан кечирилганда, синтетик гиёҳвандлик воситаларини тайёрлаш учун мўлжалланган яширин лаборатория ташкил қилинганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.