Ўзбекистонда педагог ходимларга 1 октябрь муносабати билан бериладиган мукофот пули оширилди.
Президент фармони билан Вазирлар Маҳкамасининг “Умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини моддий рағбатлантириш тартибини такомиллаштириш тўғрисида” 2019 йил 30 сентябрдаги 823-сон қарорига ўзгартириш киритилди.
Унга кўра, умумтаълим муассасалари ходимлари, шу жумладан, раҳбар ходимлари фақат 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан жамғарманинг мавжуд маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 75 фоизигача миқдорида (866 250 сўм) мукофотланиши мумкин.
Ушбу ўзгариш 2025 йил 1 сентябрдан бошлаб кучга киради. Бунда мукофотлаш даврида мукофот миқдори умумий ўрта таълим муассасаларининг ўрнак кўрсатган ходимларини рағбатлантиришнинг директор жамғармасининг амалдаги молиявий ҳолатидан келиб чиқиб, унинг мавжуд маблағлари доирасида белгиланади.
Илгари ўқитувчилар меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 50 фоизигача (577 500 сўм) миқдорида мукофот олишган.