Тошкент шаҳрида 12-13 апрель кунлари кенг кўламли ҳашар ўтказилади, деб хабар бермоқда пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.
Қайд этилишича, ҳашар доирасида кўп қаватли уйлар атрофи ва жамоат ҳудудларини тозалаш, ободонлаштириш ва яшил майдонларни кўпайтириш бўйича тадбирлар амалга оширилади.
Таъкидланишича, пойтахтнинг барча туманларида тартиб ўрнатилиб, дарахтлар экилади, ҳовлилар безатилади.
"Бу — севимли шаҳримиз ободлиги ва поклигига қўшган умумий ҳиссамиздир. Ҳурматли тошкентликлар! Ҳашарда фаол иштирок этишга чақирамиз. Тозаликни сақлаш — бу катта шаҳар анъанаси, ўзимизга, қўшниларимизга ва азиз Тошкентимизга бўлган ҳурмат ифодасидир", — дейилади хабарда.
Маълумот учун, Ўзбекистон қонунчилигига кўра, ҳашар қуйидаги шартларга риоя этилган ҳолда фақат ихтиёрий тарзда ташкил этилади ва ўтказилади:
- умумхалқ ҳашарини ўтказиш тўғрисида фақат президентнинг тегишли ҳужжати ёки ҳукумат қарори бўлганда;
- меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик нормаларига қатъий риоя этилган ҳолда;
- жамоат ишлари, шу жумладан қурилиш-таъмирлаш ва қишлоқ хўжалиги ишларига мажбурий жалб этишга қатъий йўл қўйилмаган ҳолда ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш, иш ўринларини тартибга келтириш.
Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фақат тегишли маҳалла ҳудудида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, болалар ва спорт майдонларини жиҳозлаш, моддий-маданий мерос обектларини зарур ҳолатда сақлаш, қабристонларни қуриш, реконструкция қилиш, таъмирлаш ҳамда зарур ҳолатда сақлаш ишларида аҳолининг ихтиёрий иштирок этишини ташкил этади.