2024 йил 9 декабрдан буён 175 512 нафар суриялик Туркиядан ўз ватанига қайтган, бу эса 33 мингдан ортиқ оилани ташкил этади. Бу ҳақда Туркия ички ишлар вазири Али Ерликая ўзининг X (собиқ Twitter)даги саҳифасида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, 2017 йилдан буён ихтиёрий равишда 900 минг нафардан зиёд суриялик Туркиядан Сурияга қайтган. Шу билан бирга Туркияда ҳанузгача тахминан 2,9 миллион суриялик қочқин яшамоқда.
Умумий ҳисобда, Асад режими ағдарилганидан сўнг Сурияга 370 мингдан ортиқ қочқин қайтган. Бу ҳақда Сурия ОАВ, БМТнинг Қочқинлар ишлари бўйича Олий комиссари бошқармаси маълумотларига таянган ҳолда, хабар тарқатмоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йил 8 декабрдан 2025 йил 3 апрелига қадар Иордания, Туркия, Ливан, Ироқ, Миср ва бошқа давлатлардан Сурияга 372 500 нафар суриялик қочқин қайтган.
Бошқа маълумотларга кўра, 2025 йил 27 март ҳолатига кўра, Сурия ичида ички кўчишга учраган миллиондан ортиқ фуқаро ўз уйларига қайтган.
Абдуллоҳ Саййид