24 апрель куни Тошкентда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукумат делегациялари ўртасида чегара масалалари бўйича йиғилиш ўтказилди.
Унда икки давлат ўртасидаги охирги тартибга солинмаган чегара участкасини белгилаш ва “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш шартлари муҳокама қилинди.
Музокаралар давомида Ўзбекистон Ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасидаги “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисидаги Битим лойиҳасининг асосий шартлари тасдиқланди.
Томонлар “Чашма” булоғи Ўзбекистон ва Қирғизистон халқларининг умумий бойлиги эканини алоҳида таъкидлади.
Ўзбекистон фуқароларининг ушбу булоқдан эркин ва тўсиқсиз фойдаланиши, ўзбек томони булоқнинг учдан икки қисмидан фойдаланишини таъминлаш ҳамда манбанинг сув ресурслари ҳажми ва сифатига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатларни ўзбек томони билан мувофиқлаштириш тўғрисида келишувларга эришилди.
Шунингдек, томонлар дўстлик ва яхши қўшничилик руҳида икки мамлакат фуқароларининг “Чашма” булоғидан тўлақонли фойдаланишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай чора-тадбирларга йўл қўймасликка келишиб олди.
Томонлар Ўзбекистон Ҳукумати ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ўртасида қисқа муддат ичида “Чашма” булоғидан биргаликда фойдаланиш тўғрисида битим ҳамда Ўзбекистон ва Қирғизистон Давлат чегараси участкаси тўғрисида шартномани мувофиқлаштириш ва имзолашга келишиб олди.