Украинанинг Россия босқинидан зарар кўрган ҳудудларда ҳозирда 2 миллионга яқин мина бўлиши мумкин. Бу ҳақда “ДW” маълум қилди.
Унга кўра, мамлакатдаги ерларнинг умумий майдони 174 минг квадрат километрга тенг бўлиб, уларни тозалаш жуда муҳим. Чунки мина портлашлари кўпинча оддий фуқароларнинг ҳалокатига олиб келмоқда. Украина бу борада Япониядан алоҳида ёрдам олаяпти.
Япониянинг оғир техника ишлаб чиқарувчи Komatsu Ltd компанияси 1999 йилдан бери Камбоджада миналарни тозалаш билан шуғулланиб келади. 2024 йил июль ойида Япония элчиси Кунинори Матсуда Украина ҳукуматига тўртта зирҳли Коматсу экскаваторини топширди. Улар пиёда миналарини жойида хавфсиз портлатиш қурилмаси билан жиҳозланган.
Токиодаги Васеда университети профессори Хидеюки Савада бошчилигидаги жамоа эса бу борада сунъий интеллектдан фойдаланиш устида ишламоқда. Улар инфрақизил камера билан жиҳозланган дрон ёрдамида миналарни аниқловчи тизим яратмоқда. Бу дрон инсонларга нисбатан ҳудудларни тезроқ ва хавфсизроқ сканерлаши мумкин.
“Биз биламизки, мина қурбонларининг 40 фоизи болалардир. Улар далада ўйнаб юрганида тасодифан мина босиб юборади. Агар бу муаммо ечимини топса, бутун бир авлод болалар бундан азият чекишдан қутулади”, — дейди япон профессори.