Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида умумий қиймати 5 миллиард долларга тенг умуммавсумий курорт мажмуаси қурилиши режалаштирилмоқда.
Расмий қарорга кўра, 577 гектар ер 25 йилга “Сеа Breeze Uzbekistan” МЧЖга ижарага берилган.
Бироқ, инвестор экологик талабларга қатъий амал қилиши, хусусан, чиқинди ва оқова сувларнинг Чорвоқ сув омбори ҳамда Чирчиқ дарёсига тушишига йўл қўймаслиги шарт.
Вазирлар Маҳкамаси лойиҳани амалга ошириш давомида бу талаб бузилса, ижара бекор қилиниши ва ер қайтариб олиниши мумкинлигини очиқ айтган.
Расмий ҳужжатда кўрсатилишича, инвестор қурилиш ҳудудидаги хусусий мулклар эгалари билан келишган ҳолда уларни сотиб олади.
Прокуратура, Экология ҳамда Қурилиш вазирликлари лойиҳага нисбатан доимий назорат ўрнатади. Жумладан, Бош прокурор ўринбосари лойиҳанинг қонунчилик асосида амалга оширилишини бевосита кузатади. Шу билан бирга, республика ишчи гуруҳи ташкил этилиб, инвестор мажбуриятларининг бажарилиши мунтазам мониторинг қилинади.
Аммо мутахассислар бундай йирик лойиҳаларнинг экологияга таъсири бўйича мустақил экспертиза талаб қилинишини, акс ҳолда Чорвоқ каби йирик сув омборларига хавф туғилиши мумкинлигини таъкидлашмоқда.