Бугун, 4 август куни соат 03:02 да Сурхондарё вилояти, Шўрчи тумани, Боботоғ маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган уч қаватли савдо марказида ёнғин содир бўлган.
Олов муассасанинг биринчи ва иккинчи қаватларини қамраб олган.
Ҳодиса ҳақидаги хабар Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасига келиб тушганидан сўнг, соат 03:15 да ёнғин-қутқарув экипажлари воқеа жойига етиб борган.
Тезкор ҳаракатлар натижасида ёнғин соат 05:10 да ўраб олинган ва узоқ курашдан сўнг, соат 07:30 да тўлиқ бартараф этилган.
Ёнғинни сўндириш ишларига жами 10 та ёнғин-қутқарув экипажи ва 2 та сув ташувчи техника жалб этилган. Ҳозирга қадар оловдан тан жароҳати олганлар ёки ҳалок бўлганлар ҳақида маълумот қайд этилмади.
Ҳодиса юзасидан тегишли ташкилотлар томонидан ўрганиш ишлари олиб борилмоқда. Ёнғин келтириб чиқарган эҳтимолий сабаблар аниқланмоқда.