АсосийСиёсат

Мирзиёев Гутерриш билан нимани муҳокама қилди?

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди.

'Мирзиёев Гутерриш билан нимани муҳокама қилди?'ning rasmi

Бугун, 5 август куни БМТнинг денгизга чиқиш имконияти бўлмаган ривожланаётган мамлакатлар бўйича конференцияси доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви бўлиб ўтди. Бу ҳақда давлат раҳбарининг матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, Глобал ва минтақавий тараққиётнинг долзарб масалалари, шу жумладан БМТ Бош Ассамблеясининг бўлажак 80-юбилей сессиясини ўтказиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, Ўзбекистон етакчиси Бош котибнинг халқаро тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, БМТ ва унинг асосий институтларини замонавий воқеликка мослаштириш мақсадида ислоҳ қилиш борасидаги ташаббусларини қатъий қўллаб-қувватлади.

Ўзбекистон билан БМТ ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтириш, Антониу Гутерришнинг ўтган йил июль ойидаги мамлакатимизга ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда 160 та қўшма дастур ва лойиҳа муваффақиятли амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Сўнгги бир неча йилда Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеясининг 13 та резолюцияси қабул қилинди.

Жорий йилда Ташкилотнинг асосий тузилмалари ва институтлари, жумладан, БМТ-Хабитат ва ЮНИСЕФ раҳбарлари Ўзбекистонга ташриф буюрди, Тошкентда "БМТ-Аёллар" тузилмасининг ваколатхонаси очилди.

Давлат хизмати масалалари бўйича форум биргаликда ўтказилди. Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясига қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Мамлакат Глобал барқарор ривожланиш мақсадлари индекси бўйича энг илғор бешта давлат қаторига кирди. БРМга эришиш нуқтаи назаридан БМТ билан ҳамкорлик бўйича янги беш йиллик дастур имзоланиши кутилмоқда.

Марказий Осиёда интеграцияни чуқурлаштириш, Афғонистонни минтақавий ҳамкорлик жараёнларига жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш, қўшма дастур ва лойиҳаларни кенгайтиришга тайёр эканини таъкидладилар

    Бошқа янгиликлар