АҚШ Давлат департаменти хорижий фуқаролар учун визаларни бериш жараёнида депозит гарови асосида янги пилот дастур бошланганини маълум қилди. Бу ҳақда Zamon.uz хабар берди.
Дастур фақатгина Б-1 (ишбилармонлик) ва Б-2 (сайёҳлик) визалари тоифасига тааллуқли бўлиб, у визаси муддати тугаганидан кейин АҚШда қолиб кетиш ҳолатлари кўп учрайдиган давлатлар фуқароларига нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу механизмга кўра, виза аризачилари АҚШга киришдан олдин 15 минг долларгача нақд гаров пулини тўлайди. Шахс АҚШдан белгиланган муддатда чиқиб кетган тақдирда, гаров маблағи тўлиқ қайтарилади.
Мазкур тажриба дастурининг асосий мақсади — иммиграция тартиб-қоидаларининг бузилиши олдини олиш ва визанинг суиистеъмол қилинишига қарши курашишдан иборат.