Ижтимоий тармоқларда айрим қурилиш ташкилотлари рейтингни ошириш мақсадида фуқароларни огоҳлантирмасдан ишчи сифатида расмийлаштираётгани ҳақида хабарлар тарқалди.
Мазкур масалага Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги муносабат билдириб, рейтинг тизими автоматик тарзда тузилишини ва бу жараёнда “Шаффоф қурилиш” тизими фақат мавжуд маълумотларни жамлаш билан шуғулланишини маълум қилди.
Рейтинг Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда Солиқ қўмитаси базаларидан олинадиган маълумотларга асосланади.
Шу боис, фуқароларнинг розилигисиз расмийлаштириш ҳолатларини аниқлаш ва олдини олиш бўйича янги тартиблар ишлаб чиқилмоқда.
Шунингдек, агар қурилиш ташкилоти рейтинг ёки тендер жараёнида сохта маълумот тақдим этса, у ҳолда қонунчиликка мувофиқ жазога тортилиши мумкин, хусусан “инсофсиз ижрочилар” реестрига киритилади ёки электрон баённомаси бекор қилинади.
Расмий манбалар орқали аниқлаштирилган маълумотлар асосида ҳаракат қилиш тавсия этилади.