Федерал қидирув бюроси (ФҚБ) Чарли Киркни ўлдириш билан боғлиқ жиноят юзасидан қўшимча чоралар кўрмоқда. Махсус хизматлар маълумот тарқатиб, қотилга оид ҳар қандай ишончли хабар берган шахсга 100 минг доллар миқдорида мукофот тайинланди.
ФҚБ ўзининг расмий Х ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эҳтимолий гумонланувчининг суратини эълон қилди. Бу расм орқали фуқаролардан уни таниш ва ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар бериш сўралмоқда.
Ассоcиатед Пресс агентлиги махсус хизмат вакилига таяниб ёзишича, қотил мерган катта эҳтимол билан «талаба ёши»да бўлган ва ўқ отилгандан сўнг университет ҳудудида йиғилган оламонга қўшилиб кетган. Бу эса уни аниқлашни қийинлаштирган.
Шунингдек, воқеа жойи яқинидан 30-калибрли Маусер туридаги винтовка топилган. Қурол сочиққа ўралган ҳолда қолдирилган бўлиб, унинг ўқдонида отилган гилза, магазинида эса учта патрон бўлган. Терговчиларга кўра, айнан шу қурол Киркни ўлдиришда ишлатилган бўлиши мумкин.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳодисага алоқадор шахсни қидиришни давом эттирмоқда. Фуқаролардан шубҳали ҳолатлар ҳақида тезкор равишда маълумот бериш сўралмоқда.
Экспертлар таъкидлашича, ФҚБ томонидан мукофот тайинланиши жиноятчи шахсини топишда катта аҳамиятга эга. Чунки кўп ҳолларда фуқароларнинг шубҳали кузатишлари ва шахсий маълумотлари қидирув жараёнида ҳал қилувчи рол ўйнайди.