2025 йил бошидан буён Тошкент аэропортида 535 та тақиқланган буюм мусодара қилинди. Бу ҳақда "Uzbekistan Airports" Авиация хавфсизлиги хизмати хабар қилди.
Мусодара қилинган буюмлар орасида совуқ қуроллар (пичоқлар, ханжарлар, кастетлар), ҳарбий қурол-яроғ ва уларга ўхшатмалари, пиротехника воситалари (пақилдоқлар, бенгал чироқлари), газ ва қалампирли баллонлар, дубулғалар ва электрошокерлар, кимёвий моддалар ҳамда кўп мақсадли қурилмалар (ўйинчоқли тўппончалар, брелокли ўқлар, шунингдек, дронлар) бор.
"Мазкур буюмларнинг аксарияти йўловчилар ва экипаж хавфсизлиги учун потенциал таҳдид ҳисобланади. Ҳатто сувенирли ўқлар ва ўйинчоқли қуроллар ҳам шубҳа уйғотиши ва рейс кечикишига ёки самолёт бортида ҳодиса юз беришига сабаб бўлиши мумкин.
Ташиш қоидаларига риоя этиш ўз навбатда назоратдан осон ўтишга ёрдам бериши билан бирга, парвозлар хавфсизлигини таъминлашда ҳам муҳим роль ўйнайди. Шу муносабат билан йўловчиларга тақиқланган буюмлар рўйхати билан олдиндан танишиб чиқиш тавсия этилади", дея таъкидлайди “Uzbekistan Airports” Авиация хавфсизлиги хизмати.