Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Наркотикларни назорат қилиш миллий маркази катта инспектори Муҳаммадқодир Маҳмудовнинг айтишича, сўнгги вақтларда наркотик моддалар фақатгина анъанавий кўринишдагина эмас, балки энергетик ичимликлар, қаҳва, ширинликлар ва ҳатто куч берувчи озиқалар таркибида ҳам учрамоқда.
Бу ҳолатнинг энг хавфли жиҳати — бир маротабалик истеъмолнинг ўзидаёқ инсонни модда таъсирига тушириб, руҳий ва жисмоний қарамликка олиб келишидир. Мутахассислар бу жараённи “сезилмас хавф” деб атамоқда, чунки замонавий наркотиклар ташқи белгилар орқали дарров сезилмайди.
Статистик маълумотларга кўра, 2024 йилда 5 та, 2025 йилнинг дастлабки 6 ойида эса 8 та яширин нарколаборатория аниқланган. Яна бир оғриқли факт — талабалар орасида наркожиноятларга аралашиш ҳолатлари ортмоқда. Бу йилнинг ўзида 46 нафар олийгоҳ талабасининг наркосавдога алоқадорлиги аниқланган.
Мутасаддилар ва мутахассислар ота-оналарни ҳушёр бўлишга чақирмоқда. Чунки бугунги кунда ёшларнинг наркотик моддаларга тушиб қолиши кўп ҳолларда оила аъзолари томонидан вақтида сезилмаяпти.