Тошкент вилоятидаги Оҳангарон туман ҳокимлиги бош юрисконсульти фуқаро номига уйни расмийлаштириб бериш эвазига пора олган пайтда қўлга олинди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг тезкор тадбирида у “Эйвалек” маҳалласида жойлашган ҳокимлик балансидаги хонадонни расмийлаштириб бериш учун 1500 доллар талаб қилгани маълум бўлди.
Ашёвий далиллар билан ушланган мансабдор аввал ҳам бир неча бор судлангани аниқланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг 168 ва 211-моддалари бўйича иш қўзғатилган.