Самарқанд вилоятида Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг етакчи мутахассиси фермердан 3 минг доллар пора олган пайтда ушланди. Унинг ҳибсга олингани ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди.
Давлат хавфсизлик хизмати ва вилоят прокуратураси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда маълум бўлишича, мутасадди фермер ер майдони унумдорлигига етказилган зарар учун жавобгарликка тортишмаслик эвазига 3 минг доллар талаб қилган.
У аввал 500 долларни олган, қолган 2500 долларни олган пайтида эса ашёвий далиллар билан ушланган.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари асосида иш қўзғатилиб, қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланди. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.