Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни БМТнинг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти (ЮНЕСКО) бош директори лавозимига сайланган Ҳолид ал Ананийни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси якунлари ва БМТнинг ушбу нуфузли институти билан ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Суҳбат аввалида давлат раҳбари Ҳолид ал Ананийни юксак лавозимга сайлангани билан табриклаб, келгуси фаолиятига муваффақият тилади.
Ўз навбатида, янги сайланган бош директор Ўзбекистон президентига ташкилотнинг бош тадбири қўллаб-қувватлангани ва юксак савияда ташкил этилгани учун миннатдорлик билдирди.
Томонларнинг ҳамкорликни янада фаоллаштириш, жумладан, ташкилотнинг мамлакатдаги лойиҳавий фаолиятини кенгайтириш борасидаги интилиши қатъий экани тасдиқланди.
ЮНЕСКО Бош конференциянинг очилиш маросимида Ўзбекистон президенти томонидан илгари сурилган стратегик ташаббусларни биргаликда амалга оширишга тайёр экани таъкидланди.
ЮНЕСКОнинг Самарқанддаги конференциясида мисрлик Холид ал Анани тўрт йил муддатга янги бош директор этиб сайланди. У ташкилотнинг ўн иккинчи раҳбарига айланади ва 15 ноябрь куни Одри Азуле ўрнига лавозимга киришади.






