Маълумотларга кўра, Франция ҳукумати тадбиркор Павел Дуровга нисбатан жорий қилинган барча ҳаракатланиш чекловларини 10 ноябрь куни тўлиқ бекор қилган.
Манба таъкидлашича, Дуров суд назорати талабларига тўлиқ риоя қилган ва у уч марта сўроқ қилинган. Энди у Франциядан эркин чиқиб кетиши мумкин ҳамда маҳаллий полиция бўлимида рўйхатдан ўтиш мажбуриятидан озод этилган.
Эслатиб ўтамиз, Telegram асосчиси ўтган йил август ойида Париж аэропортида ҳибсга олинган эди. Ушанда унга мамлакатдан чиқиш тақиқланган, 2025 йил июнь ойида эса Дубайга боришга рухсат берилган.
Дуровга Telegram’да контентни етарли даражада модерация қилмаслик ва Франция ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан ҳамкорликдан бош тортгани учун тергов иши доирасида терроризм, наркотиклар, фирибгарлик ва болаларга қарши жиноятлар билан боғлиқ айбловлар қўйилган.
Тадбиркор эса айбловларни рад этган:
“Йирик платформа раҳбарининг фойдаланувчилар ҳаракати учун ҳибсга олиниши ҳуқуқий жиҳатдан ҳам бемаъниликдир. Орадан бир йил ўтди, аммо мен ёки Telegram томонидан бирон нотўғри иш содир этилганига далил йўқ”, — деган у.
Маълумот учун, “Bloomberg” маълумотига кўра, Павел Дуровнинг бойлиги 14,7 миллиард долларга етган, йил бошидан буён у яна 3,7 миллиард долларга бойиган. Шу билан у дунё миллиардерлари рўйхатида 196-ўринда туради.






